Ўзбекистонда янги “Туризм 365” телеканалини ташкил этиш таклиф қилинди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, “Туризм 365” телеканалини очиш вақти келган, зеро ички туризм бугунги кунда талаб даражасида ўрганилмаган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда янги “Туризм 365” телеканалини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у гидлар гуруҳи вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

Учрашувда Азиз Абдуҳакимов саёҳат маданиятини кишиларга болаликдан шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, шу йўналишда дастур тузиш ва унга кўра, ёш сайёҳларга мўлжалланган кўрсатувларни ташкил қилиш, махсус видеокурсларни тавсирга олиб тарқатиш чоралари кўрилишини айтди.

Ўзбекистон 2025 йилда сайёҳлар сонини 12 миллионга етказмоқчи

“Эҳтимол, “Туризм 365” телеканалини очиш вақти келгандир, зеро ички туризм бугунги кунда талаб даражасида ўрганилмаган”, - деди Азиз Абдуҳакимов

Таъкидланишича, қўмита томонидан тезкор маълумот алмашиш имконини берувчи янги лойиҳа устидаги ишлар якунланган. Бу келгусида сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва олий ўқув юртларини биргаликда ҳаракат қилишга чақирди, зеро олдинга қўйилган мақсадга шу тариқа эриша олиш мумкин.