Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида сўз борганда кишининг кўз ўнгида ватан учун жонини тиккан мард ва жасур аскарлар, қонли жанг майдонлари гавдаланади. Sputnik мухбири ана шу урушда иштирок этган истеъфодаги генерал-майор Абдуллажон Артикбаев билан суҳбатлашди.
Sputnik

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида сўз борганда кишининг беихтиёр чуқур ўйга толиши, кўз ўнгида ватан учун жонини тиккан мард ва жасур аскарлар, қонли жанг майдонлари гавдаланади. Жумладан, уруш воқеаларининг даҳшатли саси ва бу тарихга гувоҳ бўлган кексаларнинг ҳикоялари чалинади қулоғимиз остида.

Шу дамларда эса, албатта, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз учун яратганга шукроналар айтиб, тинчлик деб аталмиш неъматнинг қадрига етиш кераклигини ҳис қиламиз. Шукроналик ҳиссини туйиш, осуда тунда хотиржам кўз юмиб, нурафшон тонгни озодликда қарши олишимиз учун Ўзбекистоннинг минглаб фидоий ўғлонлари ўз жонини фидо қилган. Улар орасида тинчлик неъматидан баҳраманд бўлиш бахти насиб этган фахрийларимиз эса бугун орамизда, қарилик гаштини суриб, тарих хотираларидан бизга ўрнак бўларли ҳикоялар сўзлаб  келишмоқда. Улардан бири эса — истеъфодаги генерал-майор Абдуллажон Артикбаевдир. Қуйида унинг машаққатли, аммо ўрнак бўлишга арзирли ҳаёт йўлига тўхталмоқчимиз.

Sputnik мухбири у билан суҳбатлашиш мақсадида унинг хонадонида бўлди. Оила аъзоларининг айтишича,  қаҳрамонимиз ўз уйида йиқилиб, оёғи жароҳатланганлиги боис тўшакда  ётган экан. Бошидан ўтганларини гапириб бераркан, отахон беихтиёр кўзларига ёш олди... 

Абдуллажон Артикбаев 1925 йилда ҳунармандлар оиласида туғилиб, унинг болалиги ва ёшлиги Конибодомда ўтган. Ўзининг эслаши бўйича, у туғилган оила жуда катта бўлган. Оилада ҳамма, опа-синглиси, ака-укалари меҳнаткаш бўлишган. Иккинчи жаҳон уруши бошланганида эса у 17 ёшда бўлиб, ҳарбий хизматни Туркистон ҳарбий округининг Қизил байроқли 368-Самарқанд полкидан бошлаб, кейинчалик Тошкент ҳарбий билим юртига ўқишга юборилган.

Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

“Уруш бошланганда фронтга аскарлар етишмаган. Мен 42-чи йилнинг октябрида военкоматга чақирилдим. Военкоматларга жуда оғир —  фронтга солдатларни етказиш вазифаси юклатилган эди. Мен чақирилган маҳалда ўқиётган талаба бўлганман. Фронт маълумотидан қатъий назар, жанговар аскарларни талаб қилган. Мен учта урушни бошимдан кечирганман. 17 ёшимда жуда бақувват эдим, барча қийинчиликларни енгиб ўтардим. Кросс югуришдан хеч кимдан қолиб кетмасдим, марш-бросок, стрельба (ўқ отиш) да, барча нормаларни бажарар эдим, фронтга тезроқ тайёрланишим керак эди ва шундай тайёргарлик билан фронтга кетдим. Ўшанда жуда оғир вазият бўлган”, – дея эслайди у ўзининг фронтга кетиши билан боғлиқ хотираларни. 

Абдуллажон Артикбаев 1945 йил 22 февралда билим юртини тугатгач, ёш битирувчиларни Термиздаги 15-захира зобитлардан иборат бўлган алоҳида полкка киритишган. Уларни шу жойнинг ўзидан фронтга жўнатишган. Қаҳрамонимиз ҳозирги Украинанинг Львов, Мукачево номли ҳудудларда взвод командири сифатида қўпорувчи-босқинчи тўдаларга қарши жанговар амалиётларда иштирок этган.

“6 ёшдан таълим олганлигим ва маълумотим ўрта бўлганлиги, мен тушган бўлинмага командир керак бўлганлиги сабабли, мени шу лавозимга тайинлашди. Ҳолат жуда оғир бўлган. Урушда янги солдатларга талаб жуда катта бўлган. 1-2-чи йилларда жуда кўп ёшлар ҳалок бўлди. Жанглардан бирида мен ҳам ярадор бўлдим. Озгина ётиб даволандим”, – дея сўзлайди фахрийимиз.

Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

Абдуллажон Артикбаевга кўра, бу урушда жуда кўп — 70 миллионга яқин инсон қурбон бўлиб, ғалаба ана шу катта қурбонлик ҳисобига эришилган. Узоқ вақт давом этган Иккинчи жаҳон уруши қисқа қилиб айтганда бутун дунё учун жуда катта йўқотиш бўлган. 4 йил ичида жуда кўп қон тўкилган, вайронгарчиликлар, қийинчиликлар бўлган. Артикбаев 1945 йилнинг 27 февралидан 20 майигача 3 ой мобайнида Ужгород (Украина) ҳудудларида фашистлар билан жанг олиб борган.

“Эришилган ғалаба жуда буюк ғалаба бўлган. Биз ҳаммамиз бир Ватан учун ҳаракат қилганмиз, ҳаммамизни орқамизда оилаларимиз, ота-оналаримиз, опа-сингил, укаларимиз қолган. Совет ҳалқининг 24 милллион аҳолиси қурбон бўлди, бутун дунёни фашизмдан ҳалос қилиш учун... Фронт ортида қолганлар фақат ғалаба учун жуда катта шижоат билан фидокорона меҳнат қилишган. Урушда интеллигенция оилаларидан ишчи оилаларидан чиққан йигитларнинг орасида катта фарқ бўлган. Интеллигенциядан чиққан йигитлар табиатан нозик, оғир меҳнатга лаёқатсизроқ,  оддий ишчи оилаларидан чиққанлари  эса жуда ишчан, чиниққан эди.  Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” сўзлари бўлган”, – дея эслайди у.

Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

Уруш тугагач,  ҳарбий хизматни давом эттириш учун Артикбаев  қайта Термиз шаҳрига жўнатилган. Бу ерда Тожикистон чегара округи штати зобитлари томонидан урушдан қайтган 12 нафар офицер чегара қўшинларида хизмат қилиши учун ажратиб олиниб, улар орасида Абдуллажон Артикбаев ҳам бўлган.

1945 йилнинг май ойи охирларида у ва хизматдошлари Сталинободга, яъни ҳозирги Душанбе шаҳрига олиб келинган. Буйруқ билан у Кировободда (бугунги Панж) жойлашган чегара отрядининг чегара заставаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган. Кейинчалик Абдуллажон Артикбаев Қизил байроқли Ўрта Осиё чегара қўшинлари отрядида сидқидилдан хизмат қилиб, кичик лейтенант унвонига, чегара заставаси бошлиғи ўринбосари лавозимидан генерал-майор унвонига, ундан Ўрта Осиё чегара қўшинлари отряди қўмондони ўринбосари лавозимига кўтарилган. Ўша пайтларда унинг Тожикистоннинг жўғрофий жиҳатдан ноқулай бўлган ҳудудидаги чегара заставасидаги хизмати енгил кечмаган. Иш ва яшаш шароитларининг оғирлиги, ички тартибида интизомнинг пастлиги, тоғнинг энг баланд чўққиларида кислород танқислиги, мева ва сабзавотларларнинг йўқлиги каби шароитларга дуч келишган. Камига ёш аскар ва зобитлар зангила (цинга) касаллигига чалинишган. Ҳудудда чегара пунктлари ўртасида алоқани таъминлаш учун кабутарлар ва сигнал ракеталардан фойдаланилган.

Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

Абдуллажон Артикбаев ўша пайтдаги ҳарбий хизмат шароитларини яхшилаб, застава фаолларини жипслаштирган, шахсий таркиб бошқарувини йўлга қўйиб, секин-аста озиқ-овқат, транспорт таъминотини тартибга келтирган.

Сўнг ўз устида ишлаб, бир неча олий ўқув юртини тамомлаган. Натижада қилган меҳнатлари зое кетмай, эгаллаган чуқур билимлари ва бой тажрибаси орқали у 1970 йилда генерал-майор унвонига сазовор бўлган. Кўп ўтмай застава илғорлар сафига кўтарилган. 

Артикбаев учун энг оғир давр 1979-1989 йиллардаги Афғон уруши билан боғлиқ йиллар бўлган. У қизининг тўйи бўлаётган кунда уруш бошланиб, Афғонистонга олиб кетилган. Қаҳрамонимизга ўта оғир ва масъулиятли вазифалар топширилганлигига қарамай, у барчасини бенуқсон бажариб, муваффақият қозонган.

70 йилдан ошиқ вақт давомида у билан қўшқанот бўлиб, турмуши давомида уруш давридаги машаққатларга гувоҳ бўлган Шаҳзода аянинг сўзлаб беришича, генерал-майор Артикбаев хизмати давомида 20 маротаба лавозимга кўтарилган. Лавозимининг тез-тез ошиши натижасида унинг оиласи билан бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга жойлашишига тўғри келган.

Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

А.Артикбаев сазовор бўлган бир уюм орден ва медаллар бошқа мукофотларини ҳисобга олмаганда 60 дан ошиқ экан.

Мана буниси (кўрсатяпти) Мўғилистонда берилган, муғулча ёзувлари билан, дейди Шаҳзода ая турмуш ўртоғининг медалларини эҳтиёткорлик билан қўлига олиб, фахр билан: "Аслида қахрамонликлари жуда кўп. Айримларини қайси хизмати учун берилганини билмайман. Чунки ундаги ёзувлар хорижий тилда.  Орден медаллари кўплигидан соғлиги заифлашганлиги сабабли, уларни бир ўзлари кўтаролмайдилар, шунинг учун ҳамма орден медалларини костюмига илмаймиз", дейди ая.

Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

Артикбаев ўз ибратли хизмати учун “Давлат хавфсизлигининг фахрий ходими” унвонига сазовор бўлган. Бундан ташқари у Ўрта Осиё республикалари Олий Советлари Президиумлари фахрий ёрлиқлари билан ҳам тақдирланган.

Ҳатто Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг ҳам унинг тажрибасига таянилган. У консультантлар гуруҳи раҳбари, кейинчалик  мамлакат Миллий хавфсизлик хизматида маслаҳатчи бўлган.

А.Артикбаев истеъфога чиққач ҳам, фаол жамоатчи сифатида иш олиб бормоқда. Бугун у Ўзбекистон чегара ўшинлари фахрийлари Ассоциациясининг бошқарувчи аъзоси, Фахрийлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси ҳамдир.

Генерал-майор Артикбаев: “Урушда асосий чақириғимиз “Ватан учун” деган сўзлари бўлган”

Суҳбатимиз тарих билан боғлиқлиги боис, жуда қизиқарли бўлиб, тўхташини истамас эдик. Аммо турмуш ўртоғи уриниб қолмаслиги учун Шаҳзода ая суҳбатни якунлашимизни илтимос қилдилар. Шу боис қаҳрамонимиз ва унинг аҳил оиласи билан самимий хайрлашиб, ортга қайтдик. Кўнглимизда эса яна бир бор тинчлик неъматини ҳис этиб, орамизда Ўзбекистоннинг ана шундай ўрнак оларли жасоратли инсони борлигидан фахрландик.