ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшни давлатлар ОТМда ўқиганлик тўғрисидаги ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Қайд этилишича, вазирликнинг Ҳудудий ишчи гуруҳларига фуқаролар томонидан қалбаки (сохта, ясама) ҳужжатлар топширилаётганлиги аниқланмоқда.
“Ўқишини қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан кўчириш тўғрисида ариза топширган фуқароларнинг ҳужжатлари тўлиқ текширилади ва қалбаки ҳужжатлар аниқланган тақдирда талабаликка қабул қилинмайди ҳамда ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилади”, - дейилган хабарда.
Вазирлик қўшни давлатларда қалбаки ҳужжат қилиб беришни таклиф этаётган тамагир ва фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон февраль ойининг бошида қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўз фуқароларига ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишини мамлакатга кўчириш имконини берган эди. Мурожаатлар сони кўплиги сабаб ҳужжат қабул қилиш 15 мартга қадар узайтирилган.