ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Пойтахтдан Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Тошкент вилояти ҳокимлигидаги ўтказилган йиғилишда маълум қилди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Йиғилишда Ўзбекистон президентининг Тошкент вилоятига ўтган йил июнь ойида қилган ташрифида берилган топшириқларнинг ижросини бориши, ҳудудни 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича нутқ сўзлаган бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов давлат раҳбари томонидан берилган топшириқ ва вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳудудлар кесимида фикр билдирди. Вилоятнинг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрини замонавий шаҳарсозлик андозаларига мос равишда барпо этишда йўл қўйилаётган камчиликлар, сусткашликлар, уларнинг сабаблари юзасидан ўз мулоҳазаларини баён қилди.
“Яқин истиқболда Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилади. Шунингдек, инфраструктурани ривожлантириш масалалари бўйича айни пайтда вилоят ҳокимлиги билан қатъий иш олиб бораяпмиз. Ичимлик суви, йўл қурилиши, коммуникация ва канализация тармоқларини қуриш бўйича катта ҳажмдаги ишлар жадал давом этмоқда”, — деди Раматов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда қурилаётган ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасида 6 та бекат қуриб битказилгани хабар қилинган эди.