Ўзбекистонда об-ҳаво ўзгариши нимага боғлиқ - “Ўзгидромет” жавоб берди

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда қор кам ёғаётгани аммо ҳавонинг кескин совиётгани сабабини “Ўзгидромет” мутахассислари тушунтириб беришди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Маълумки,  Ўзбекистонда охирги пайтларда қиш фасли серқор кузатилмаяпти. Ёққан қорлар тез фурсатда эриб, қиш кескин совуқ ва  қисқа, 3-4 маротаба ёмғир аралаш ёққан қор билан ўтиб кетмоқда.

“Ўзгидромет” мутахассислар айтишига қараганда, Ўзбекистондаги об-ҳавони - ҳудудга шимолий ярим шар ёки жанубий ярим шардаги мўътадил кенгликлардан кириб келаётган ҳаво оқимлари белгилайди.

Қиш мавсумида Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа ҳудудидан, Уралдан ва баъзида ҳатто Ғарбий Сибирдан совуқ ҳаво кириб туради. Шу билан бирга қиш вақтида жанубий ярим шардан иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиб, бирдан ҳаво исиб кетиши ҳам кузатилади.

Аномал об-ҳаво шароити туфайли Қозоғистон муҳим автотрассалари ёпилган - ТИВ

Ёз мавсумида эса, Ўзбекистон ҳудудига асосан жанубдан иссиқ ҳаво оқимлари киради.

Ундан ташқари, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ҳам Ер шарининг бошқа жойларига нисбатан тезроқ амалга ошмоқда. Хусусан, 1880 йилдан бошлаб Ер шари бўйича ўртача ҳаво ҳарорати ҳар 10 йилга 0,06 даража тезликда кўтарилиб келмоқда. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсатгич тез суръатларида амалга ошмоқда. Хусусан 1951 йилдан 1997 йилгача бўлган даврда ҳарорат 10 йилда 0,12 даража тезликда кўтарилгани қайд этилган.

Охирги 15 йил ичида энг совуқ ва ёғингарчилик кўп бўлган қишлар ҳарорат ўртача иқлимий кўрсаткичлардан 3-4 даражага паст бўлган 2007-2008 ва 2011-2012 йилларга тўғри келган. Ўшанда Тошкент шаҳрида айрим кунларда тунги ҳарорат 17-17 даража совуққача, кундузи 8-3 даража совуққача тушиб кетгани қайд этилган.