ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Ўзбекистонда депутатлар янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар қилди.
Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳасида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискага ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга кирган кунга қадар Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс, истак билдирган тақдирда Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниши назарда тутилган.
Қонун лойиҳасига “ватандош” тушунчаси киритилиб, фуқаролиги бўлмаган ватандошларга нисбатан фуқароликка қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланмоқда. Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари яратилиши бўйича қатор нормалар киритилмоқда.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қабул қилинган қонун Сенатга юборилди. Сенат маъқуллаб, президент имзолагандан сўнг қонуний кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатнома йўллаётиб, мамлакатда 1995 йилдан буён яшаб келаётган, бироқ фуқаролиги бўлмаган қарийб 50 минг ватандошга фуқаролик беришни таклиф қилган эди.