Тошкентда халқаро террористик ташкилотнинг 20 дан ортиқ аъзоси қўлга олинди

Улар Сурияда тақиқланган халқаро террористик ташкилоти “Тавҳид ва жиҳод катибаси” сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқаросининг ғоявий таъсирига тушиб қолишган. Пойтахтдаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар қўлга олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. 2020 йилнинг 19 февраль куни Тошкентда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлари ва аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террористик ташкилоти ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқароси А.Ш.нинг ғоявий таъсирига тушиб қолишган. Унинг жиноий фаолиятига яқиндан кўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, ТЖК таркибига бориб қўшилишни режалаштириб келганлар.

Тошкентда бир тўда “жиҳодчилар” қўлга олинди

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155.2-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахтдаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар қўлга олинди.

Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

“Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз”, - дейилган хабар сўнггида.