Тошмуҳаммедова: болага сарпо йиғишдан аввал унга билим бериш муҳимроқ эмасми?

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари бугун ёшларга оила таълими бўйича ҳеч қаерда билим кўникмалар берилмаётганини танқид қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова бугун ёшларга оила таълими бўйича ҳеч қаерда билим кўникмалар берилмаётганини танқид қилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кун ёшлари “Ота-онам орзу ҳаваси учун, улар тўйимни кўрсин” дея оила маъсулиятини ҳис қилмасдан турмуш қурмоқда.  

“Ёшларга бугун оила таълими бўйича ҳеч қаерда билим кўникмалар берилмайди, на оилада, на мактабда, на олийгоҳда. Илм-маърифат ва рақамли технологиялар орқали бахтли, намунали оила қуриш орзу ҳаваси, яъни, бахтли яшаш учун илм-фан ўрганиш, хорижий олийгоҳларда таҳсил олиш орзуларини сингдиришимиз керак”, – Тошмуҳаммедова АОКАдаги тўй-маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қарор ижросига бағишланган матбуот анжуманида.

Шунингдек, Дилором Тошмуҳаммедова ёшларга Шерозий, Ибн Сино, Алишер Навоийларнинг инсонни камолотга йўналтирувчи асарларини кўпроқ гапириш кераклиги, улар тўй деганда кортеж ёки гулларни эмас, ўқишим керак, дунёни кўришим керак, болаларимга ҳам дунёни кўрсатишим керак деган мақсадларни ўргатиш кераклигини таъкидлаган. 

Ўзбекистонда тўйлар бир хил cценарий асосида ўтказиладими – Сайфуллаев жавоби

“Бугунги кун ёшларнинг идеали йўқ. Кимга интилиши керак йигит қизларимиз? Шу образларни яратишда ёрдамингиз лозим. Агарда ёшларимиз маърифатли ва ўқимишли инсон бўлишни мақсад қилса ва бунга интилса, бизни қийнаётган муаммолар ўз-ўзидан ечим топади” – дея қайд қилди қўмита раиси ўринбосари.

Қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаевнинг маълумот беришича, бугунги кунда оила қуриш масаласида ёшлар билан 2922 та тарғибот тадбирлари ва учрашувлар ўтказилган.

Никоҳдан ўтаётган 357 жуфт келин куёвлар учун оила маданияти, ахлоқ ва аждодларнинг мустаҳкам оила ҳақидаги ўгитлари мисолида тушунтириш ишлари ўтказилган.

Тўй ва маросимларнида ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида аҳолига 7936 маротаба тушунтириш ишлари олиб борилиб,  бунга 375645 нафар хотин-қизлар жалб этилган.