Шавкат Мирзиёев шу ҳафтада Туркияга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси президентининг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари Туркияга ташриф буюради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари мазкур мамлакатда бўлади, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Туркия президентига ҳамдардлик билдирди

Ташриф дастурига мувофиқ, Анқара шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилади. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича фикр алмашилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашади, Туркия Республикаси президенти кутубхонаси мажмуасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга ташриф буюрганди. Музокаралар якунида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланганди.