Икромов: прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш” бирикмаси ишлатилади

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари эндиликда прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига "қайд этиш" сўз бирикмаси ишлатилишини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Эндиликда Ўзбекистонда прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига "қайд этиш"  сўз бирикмаси ишлатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов  Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида маълум қилди.

“Прописка -  эскидан қолиб кетган тизим. 2011 йилдан ҳозирга қадар Тошкент вилоятида  76 мингдан зиёд фуқаро, Тошкент шаҳрида эса 200 минг фуқаро  доимий пропискага ўтган.  Эндиликда прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш” сўз бирикмаси ишлатилади”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 апрелидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк харид қилишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилиши режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида жорий йилнинг апрел ойига қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлаган эди.