Қорақалпоғистон ҳам ўз тиббиёт институтига эга бўлди

Ўз ўқув базаси ва клиникасига эга бўлган Қорақалпоғистон Тиббиёт институти ва клиникаси ташкил этиш ҳақида президент қарори қабул қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 фев - Sputnik. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ўз тиббиёт институти ташкил этилади. Бу ҳақида 14 феврал куни имзоланган президент қарорида айтиб ўтилган. 

"Оролбўйи минтақаси учун тиббиёт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуд аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва кўламини ошириш, тиббий амалиётнинг таълим ва илм-фан билан ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, соҳадаги илғор ютуқ ва инновацияларни даволаш-ташхис жараёнига жорий этиш мақсадида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилсин," - дейилган президент қарорида. 

Қорақалпоғистон Тиббиёт институти ва унинг клинкаси - юридик шахс мақомига эга бўлган, тегишлича давлат олий таълим муассасаси ва давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади. 

Тиббиёт институти Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис қўйиш (диагностика) ва даволаш стандартларига риоя қилган ҳолда имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш, шунингдек, аҳолига пуллик асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларни шифохонага жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.

Институт фаолиятини ыуйидаги манбаалардан молиялаштирилади: 

  • Давлат бюджети маблағлари;
  • талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан,
  • шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

 

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов – Институт ва Институт клиникаси фаолиятини самарали ташкил этиш, мазкур қарорни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин, дейилган қарорда