Термизда мактабнинг 451 млн сўмини талон-тарож қилган ҳисобчи ушланди

Собиқ ҳисобчи мактабда умуман ишламаган 11 нафар фуқаролар номига банк пластик карталарини очиб, уларга пул маблағларини ўтказган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Термиз шаҳрида мактабнинг бюджет маблағларини талон-тарож қилган собиқ ҳисобчи ушланди.

Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, идоранинг Сурхондарё вилоят бошқармаси Термиз шаҳридаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2018-2019 йилларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини ўрганган.

Молия вазирлиги Ўзбекистонда бюджет пулларини ўмарганларни фош қилди

Аниқланишича, Термиз шаҳар халқ таълими бўлими собиқ ҳисобчиси Н.Ш. мактабда умуман ишламаган 11 нафар фуқаролар номига  банк пластик карталарини очиб, уларга пул маблағларини ўтказган.

Тўлов қайдномаларига эса сохта имзолар қўйиш орқали жами 451,2 млн. сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган.

Шунингдек, текширув давомида Н.Ш.дан 100 млн. сўм пул маблағлари ихтиёрий равишда ундирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.