Санкт-Петербургда Ўзбекистон фуқаросига 4 нафар безори ҳужум қилди

25 ёшли Ўзбекистон фуқароси Полежаевск паркидан қайтаётганида 4 кишининг ҳужумига учраган, улардан бири номаълум қуролдан фойдаланиб, унинг бош қисмига отган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 фев – Sputnik. 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси Полежаевск паркидан қайтаётганида 4 кишининг ҳужумига учраган, улардан бири номаълум қуролдан фойдаланиб, унинг бош қисмига отган. Ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Челябинскдаги ЙТҲда ўзбекистонлик аёл қурбон бўлди

Қайд этилишича, ҳолат 7 февраль куни кеч соат 21:30 да содир бўлган. Дўконда ёрдамчи ишчи сифатида ишловчи 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербургнинг Полежаевск паркидан қайтаётганида уни тўрт киши тўхтатиб, исмини сўраган ва улардан бири номаълум қуролдан фойдаланиб, унинг бош қисмига отган.

Ярадор бўлган Ўзбекистон фуқароси у ердан қочган ва уйига етиб келиб, тез ёрдам чақирган.

Ҳолат бўйича Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консуллиги ҳамкорлигида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан тезкор алоқа ўрнатилган.

1994 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси С.Н га Санкт-Петербург шаҳридаги 26-сонли касалхона шифокорлари томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Унинг ҳаёти хавф остида эмаслиги сабабли 8 февраль куни уйига рухсат берилган.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаросига ҳужум қилганларнинг 3 нафари ушланган ва уларга нисбатан Россия Федерацияси ЖКнинг 111-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни дамда ҳолат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан назоратга олиниб, фуқарога зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.