Ўзбекистон Хитойга коронавирусга қарши курашда қандай ёрдам беради?

Ўзбекистон Хитой учун инсонпарварлик ёрдамини тайёрлади. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев республика Хитойга коронавирусга қарши курашда нима тақдим этиши ҳақида гапирди.
Sputnik

Чоршанба куни Тошкент аэропортида хавфли инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш учун Хитой Халқ Республикасига шахсий ҳимоя воситаларини етказиб берадиган махсус борт тайёрлаб қўйилди.

Ўзбекистон Хитойга 40 тонналик инсонпарварлик ёрдамини юбормоқда

“Вазият оғирлигича қолмоқда: 42 мингдан ортиқ касалланганлар, деярли минг киши ҳалок бўлди. Хитойда айниқса, Ухан ва бошқа қатор вилоятларда энг оғир вазият. ЖССТ коронавирусни умумжаҳон соғлиқни сақлаш тизимига таҳдид деб тан олди. Шунинг учун мамлакатлар хавфли касаллик билан курашда фаол ёрдам беришмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон чегарада эпидемиологик назоратни кучайтирди, аэропортларда иситмаси бор беморларни аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилган. Хитойдан 548 нафар фуқароларимиз эвакуация қилинди, ҳозир улар икки ҳафталик карантинда. Ўзбекистонда зарур дори-дармонлар ва ҳимоя воситалари мавжуд”, - деб таъкидлади Юсупалиев.

Тошкент Хитойга бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезон, юз учун фильтрловчи ниқоб, махсус тиббий форма, тиббий ниқоблар ва бошқа ҳимоя воситаларини юбормоқда.

“Айнан шундай мураккаб вазияларда давлатлар ўртасида  ҳақиқий дўстона муносабат намоён бўлади”,  - деб хулоса қилди вазирнинг биринчи ўринбосари.

Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш учун ташкил этилган штабда, 10 феврал ҳолатига 771 киши профилактик карантинда бўлганлиги ҳақида хабар берилган. Хавфли касаллик деб гумон қилинган уч мингдан ортиқ киши текширилди. Ҳозиргача бирон бир юқтириш ҳолати қайд этилмади.

Ўзбекистон Хитойга коронавирусга қарши курашда қандай ёрдам беради?