Қўшни давлатлардан ўқишни кўчириш муддати 15 мартга қадар узайтирилди

Қўшни давлатлардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тўлов-контракт асосида, имтиҳонсиз амалга оширилади. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 фев- Sputnik. Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ўқишларини 15 мартга қадар кўчиришлари мумкин. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар қилмоқда.  

Ўқишни кўчириш учун ариза (жойида тўлдирилади), рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (транскрипт) нусхаси ва паспорт нусхаси керак бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатларда таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўқишларини 15 февралга қадар кўчиришлари мумкин дейилган эди. 

Ўқишни кўчириш учун талабалар ҳудудий ишчи гуруҳларга зарур ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ ҳолатда тақдим этишлари керак бўлади. Ўқишини кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Ўқишни кўчиришда ҳеч қандай имтиҳон бўлмайди.