ТОШКЕНТ, 11 фев - Sputnik. Тожикистон мусулмонлари идораси қошидаги иккита ваколатли ширкат Ўзбекистон дин ишлари бўйича қўмитага "Умра+" тадбирларини ҳамкорликда ташкил этиш бўйича таклиф билан чиқди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комиловга таянган ҳолда.
"Тожикистон Республикасидан бир хат келди "Умра+" зиёратларини шакллантириш бўйича. Кейин аниқлаштирсак, бу Тожикистон мусулмонлари идораси қошидаги иккита ваколатли ширкат томонидан йўлланган хат экан. Унда зиёратчиларни Ўзбекистонга олиб келиб, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларини айлантириб, сўнгра жорий этилган рейслар орқали умра ибодатларига йўналтирсак, деган таклиф билдирилган", - деди Комилов.
Таъкидланишича, Ўзбекистон томони ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилган ва у ҳозирда ўрганиб чиқилмоқда.
"Натижаларини халқимиз манфаати нуқтаи-назаридан ҳал қиламиз", - деб қайд этди Комилов.