Юкларни автомобилда ташиш учун лицензияни онлайн олиш имкони яратилди

Гап йўловчи ва юкларни автомобилда ташиш лицензияси ҳақида бормоқда. Давлат хизмати кўрсатилгани учун 223 минг сўм йиғим ундирилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида янги хизмат — шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш билан шуғулланиш учун лицензия олиш ишга туширилди. Бу ҳақда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

“Эндиликда ариза берувчи, йўловчилар ва юкларни ташишни амалга ошириш учун лицензия олишга қуйидаги ҳавола орқали ариза бериши кифоя. Бунда зарур майдончалар тўлдирилади ва ариза тасдиқдан ўтиши 3 иш куни давомида кутилади”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, давлат хизмати кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида (223 минг сўм) йиғим ундирилади. Лицензия картасини бериш учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Лицензияни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома ёзма ёки электрон шаклда бир иш куни ичида тақдим этилади. Лицензияга банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган лицензия битими илова қилинади.