ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Одамларга машина олиб беришни ваъда қилиб, бошланғич тўловни қўлга киритган "Авто рентал" маъсулияти чекланган жамият раҳбарияти қўлга олинди, деб хабар қилмоқда Тергов департаменти.
МЧЖ раҳбарияти 695 нафар одамдан 40 ой ичида, қўшимча тўловларсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан машина олиб беришни ваъда бериб, ҳар бир кишидан 4 – 12 миллиондан бошланғич тўловларини йиғиб олган. Жами тўпланган маблағлар 2,8 миллиард сўм бўлган, дейилган хабарда.
Жамият аъзолари 3 ойдан 7 ойгача бўлган муддатда транспорт воситаси етказиб беришни ваъда беришган бўлсада, шартнома имзоланган фуқаролардан бирортасига автомобил етказиб берилмаган. Корхона раҳбарияти олдамларга ҳеч қандай автомобил сотиб олиб беришни режалаштирмаган.
Аксинча, ташкилот ҳисоб рақамида 1,9 миллиард, нақд кўринишда тўпланган маблағлар МЧЖ таъсисчиларининг бошқа бизнесларини ривожлантириш мақсадида фойдаланилган. Нақд пул кўринишида қабул қилинган тўловлар эса шахсий мақсадларда фойдаланилган.
МЧЖ раҳбарларидан 3 кишига айблов эълон қилинган. Улардан икки нафари – Саидахмад Ишонхўжаев ва Қубаев Ҳаётулла ҳибсга олинган, Ўлмас Ишонхўжаев исмли таъсисчи ҳозирча қидирувда.
Шунингдек, Тергов қўмитаси ҳибсга олиш вақтида МЧЖ ҳисоб рақамидан 390 млн сўм қолдиқ пул ва таъсисчига тегишли бўлган, қиймати 450 миллион сўмлик Мерседес Бенс автомобили мусодара қилинган.
Прокуратура хабарига кўра, автомобил учун олдиндан тўлов киритган фуқаролар суд қарори эълон қилинганидан сўнг, белгиланган тарибда маблағларини қайтариш учун ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.