Навоийдаги аянчли ЙТҲда ҳайдовчи ва бир ёшли гўдак қурбон бўлди

Навоийда тезликни ошириб ҳаракатланган ҳайдовчи икки кишининг умрига зомин бўлди. ЙТҲда 1 ёшли чақалоқ ҳам қурбон бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 фев – Sputnik. Навоийдаги аянчли ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва бир ёшли гўдак қурбон бўлди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, 9 февраль куни 24 ёшли Р.Н. “Lacetti” автомобилини Конимех тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 “Зарафшон-Навоий” автомобиль йўли бўйлаб бошқарган. Йўлнинг 154 км.да белгиланган тезликни оширган ҳолда ҳаракатланаётганда бошқарувни йўқотган. Сўнгра қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиб кетган ва 23 ёшли Н.Ж. нинг бошқарувида бўлган “Nexia” русумли автомашинаси билан тўқнашган.

“Натижада “Nexia” русумли автомашина ҳайдовчиси Н.Ж. воқеа жойида ва автомашина йўловчиси 1 ёшли чақалоқ А.Ш. Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасида вафот этган”, - дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.