Ўзбекистонда неча киши ишсиз – Меҳнат вазирлиги маълумотлари

Декабрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан ижтимоий сўровнома ўтказилган. Бунда 108 та шаҳар ва туман аҳолиси иштирок этган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. 2019 йил охирида 1, 33 миллион киши ишга муҳтож бўлган. 16-30 ёшли аҳоли ўртасида ишcизлик 15 фоизни, аёллар ўртасида 12,8 фоизни ташкил этади.  Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар қилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9,0 фоизни ташкил этган, бу эса 2018 йилга нисбатан 0,3 фоизга пасайганлигини кўрсатган.

2019 йилда меҳнат ресурслари сони 19 миллиондан ошиқроқ кишига етди, Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13, 5 миллион кишини ташкил қилди.

2019 йилда илк бор расмий секторда банд аҳоли сони 2018 йилга нисбатан 3,7 фоизга кўпайиб, 5,7 миллион кишини ташкил қилди.

Ўзбекистон ёшларини қийнаётган энг катта муаммо нима

Норасмий секторда банд бўлганлар сони (меҳнат мигрантларини ҳисобга олмаганда) 5, 37 миллион кишини ташкил этди. Иш ўринларини легаллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида норасмий вақтинчалик ва мавсумий ишларни бажарувчилар 19,6 мингга, рўйхатдан ўтмасдан ва тегишли рухсатномасиз фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар 42,8 мингга камайган.

2019 йилда иқтисодий нофаол аҳоли сонининг камайиши кузатилди. Жумладан, ишлашни хоҳламаётганлар ёки дарҳол ишга жойлашишга имконияти йўқлар 73,9 мингга ёки 9,6 фоизга камайган, бу эса аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги ортганлигини билдиради.

2019 йилда туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 773,4 минг фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган (улар орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 218 минг нафарни ташкил этган). Мурожаатчиларнинг 356,9 минг нафари иш билан таъминланди. 263,2 минг киши жамоат ишларига, 36,7 минг нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинди. 57,9 минг нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.

Маълумотлар 2019 йилнинг декабрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан мамлаткатнинг 485 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжалиги ва 25,8 минг нафар фуқаро қамраб олинган ижтимоий сўровнома давомида йиғилган. Бунда 108 та шаҳар ва туман аҳолиси иштирок этди.