Равшан Эрматов президентнинг махсус қарори билан вазирнинг ўринбосари этиб тайинланди

Ўзбекистон президентининг махсус қарори билан Равшан Эрматов жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори билан Равшан Эрматов жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидаги навбатдан ташқари йиғилишда маълум қилинди.

Равшан Эрматовнинг 17 мавсуми

Йиғилишга раислик қилган Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов сўнгги йилларда мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга қаратилган кенг ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга мазкур соҳа тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, айниқса аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашда оммавий спорт тарғиботини яна-да кучайтириш зарурлигига урғу қаратилди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида вазирлик раҳбариятида ташкилий ўзгаришлар юз берганлиги маълум қилинди.

Президентнинг махсус қарори билан Эрматов Равшан Сайфиддинович жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Шукуров Элбек Ҳабибуллаевич эса жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Қайд этиш жоизки, Равшан Эрматов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти сифатида фаолият олиб боради.

Равшан Эрматов мамлакат футболи ривожи йўлидаги улкан хизматлари ҳукумат томонидан муносиб эътироф этилган. У 2010 йилда “Ўʻзбекистон ифтихори” фахрий унвони, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 2015 йилда эса “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.