ТОШКЕНТ, 8 фев - Sputnik. Хитойнинг Ухан шаҳрида коронавирусни даволаш учун мўлжалланган иккинчи "Лэйшэньшань" ихтисослаштирилган госпитали шанба куни фойдаланиш учун топширилди. Бу ҳақда РИА Новости Хитой Марказий телевидениеси маълумотига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Тиббий мутахассисларнинг биринчи гуруҳи бу ерга аллақачон етиб келиб, режага кўра бу ерга шанба куни олиб келиниши кутилаётган беморларни қабул қишига тайёргарликни бошлаб юборишган. Бундан ташқари, госпитальга ташхиси тасдиқланган беморларни жойлаштириш ҳам кўзда тутилган.
Ухань яқинидаги Цзянся шаҳри яқинидаги юқумли касалликлар госпитали 79 минг квадрат метрда жойлашган. Унинг каттагина қисми беморлар учун, майдон ҳудудидаги 10та қурилма тиббиёт ходимлари ва материал-техник воситалар учун ажратилган.
Шифокорлар учун жами 264та хона кўзда тутилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида олти кишидан истиқомат қилиш мумкин. Хоналарнинг ҳар бирида учтадан икки қаватли кроватлар жойлаштирилган, кондиционер, телевизор, бошқа электр анжомлари ҳамда алоҳида ҳодатхона ва душ мавжуд.
Аниқлик киритилишича, госпиталь 32та секцияга бўлинган бўлиб, уларда 1500 жой ҳозирланган, ҳар бир палатада (оғир аҳволдаги касаллар учун мўлжалланган палаталардан ташқари) икки нафардан беморлар жойлаштирилади. Муассаса ҳудудида мингга яқин тиббиёт ходимлари фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, сал олдин 10 кун ичида қуриб битказилган "Хошэньшань" госпитали ишга туширилгани ҳақида маълумот берган эдик. Иккинчи госпитални қуриш ишлари 27 январ куни бошланганди. Аввалига даволаш муассасасини 5 феврал куни топшириш режалаштирилган бўлиб, аммо топшириш муддати бироз кечиктирилди.
Хитой ҳукумати 31 декабрь куни Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Ухань шаҳрида номаълум пневмония авж олгани ҳақида хабар беришган эди. Мутахассислар маълумотларига кўра, касаллик қўзғатувчиси – бу 2019-nCoV коронавируси эканлиги аниқланган. Хитойдаги янги коронавирус қурбонлари сони шу пайтгача 722 нафарга етди, вирусни юқтирганлар сони эса 34,5 мингдан ошган.