Кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича тажриба ўтказилади

Қарор билан ҳуқуқий эксперимент ўтказиш бўйича Республика ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 фев - Sputnik. Айрим ҳудудларда "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказишга оид Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Тошкент шаҳрида бир йилда 638 та кўп қаватли уй қурилади

Қарорга кўра, Қонун нормаларини ҳамда кўп квартирали уйларни бошқаришнинг тартиб-таомиллари самарадорлигини аниқлаш ҳуқуқий экспериментнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунга кўра, Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқариш масалалари бўйича туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимларида аҳоли учун маслаҳат пунктлари ташкил этилади.

Қарор билан тасдиқланган вақтинчалик низомга кўра, кўп квартирали уйни бошқариш усули турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилишида белгиланади.

Кўп квартирали уйни бошқариш: бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан; юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот ёки жисмоний шахс бўлган бошқарувчи томонидан шартнома асосида; уй-жой мулкдорлари ширкати бўлган нотижорат ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш даврида “Энг яхши бошқарувчи” танлови ташкил этилиб, энг яхши бошқарувчининг иш тажрибаси ОАВларда кенг ёритилади.

Қарор билан ҳуқуқий эксперимент ўтказиш бўйича Республика ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди.