ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. “Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукуматнинг 59-сонли қарори қабул қилинди
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 февралдан:
- давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контаркт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шакли бўйича таълим олаётган талабалар қатъий белгиланган стипендия билан таъминланади (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно);
- семестр якуни бўйича фанлардан фақат аълога ўзлаштирган (86 балл ва ундан юқори) талабаларнинг стипендиялари базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилади;
- семестр якуни бўйича фанлардан 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми қониқарли бўлган (рейтинг кўрсаткичи – 71 баллдан кам) давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабаларга кейинги семестрда стипендия тўланмайди (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно).
Талабаларга баҳосига қараб стипендия тўлаш тизими қайтарилиши мумкин
Қарор билан олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган миқдорлари тасдиқланди:
- Ўзбекистон президентининг Давлат стипендияси – 1 811 191 сўм;
- Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендиялари – 1 207 461 сўм;
- Давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган, барча фанлар бўйича фақат “аъло” ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабалар учун – 513 600 сўм;
- Давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун базавий стипендия – 428 600 сўм
- 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабаларга белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда стипендия тайинланади.
Алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтмоий ҳимояга муҳтож талабаларга белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда стипендия тайинланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўқув йилининг иккинчи ярим йили учун тўлов-контракт миқдорлари ўзгариши мумкинлиги хабар қилинган эди.