Юнусободда маст эркак ички ишлар ходимининг оёғига пичоқ санчди

Юнусобод туманида хотинига пичоқ билан таҳдид қилган ва ички ишлар ходимига жароҳат етказган фуқаро қўлга олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Тошкентнинг Юнусобод туманида хотинига пичоқ билан таҳдид қилган ва ички ишлар ходимига жароҳат етказган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбот хизмати хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, хизматда бўлган ходим номаълум шахс қўлида пичоқ билан аёл кишини қувиб келаётганини кўриб, зудлик билан кўнгилсизликни олдини олишга уринган.

Бухорода ЙПХ инспекторининг хизмат кўйлагини йиртган ҳайдовчи қамалди

Номаълум эркак аёлга етиб олган пайтда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси етиб келиб, аёлни пичоқ билан таҳдид қилаётган эркак қўлидан ажратиб олган. Тартиббузар шу заҳоти қочиб кетган.

Сўнгра ҳудуддаги пост-патрул экипажига ҳолат юзасидан хабар берилган. Фуқаро Юнусобод 9-даҳада тўхтатилган. Фуқародан қўлидаги пичоқни ташлаш талаб қилинган. У эса Миллий гвардия ва ППХ ходими талабини бажармасдан, ҳақорат қилган. Уларни ўзига яқинлаштирмаслик учун тош ва бошқа қўлига илинган нарсаларни ота бошлаган.

Фуқаро уни ушлаш вақтида ички ишлар ходимининг оёғига пичоқ санчиб олгач, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Ё.Ф. ПР73 (резина таёқ)ни ишлатишга мажбур бўлган.

Натижада жиноятчи қўлга олинган ва Юнусобод туман ИИБ бўлимига топширилган. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, фуқаролар Шайхонтоҳур туманида яшовчи эр-хотин С.Н. ва С.А.бўлган. Ҳодиса вақтида эр маст бўлган.