ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади, деб хабар қилмоқда ЎзА.
Фармонга мувофиқ, 58 нафар фуқаро афв этилди. Улардан 41 нафари шартли равишда озод қилинди, 3 нафарига жазо тури енгилроғига алмаштирилди. Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар ташкил этади, - дейилган хабарда.
Ундан ташқари 14 нафар маҳкумларга озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддати қисқартирилди.
Шу билан бирга, афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди, - дейилган хабарга.