Ҳарбий журналистнинг бош вазифаси - ахборот мудофаасини яратиш - Зулфиқоров

Зулфиқоровнинг айтишича, айни вақтда Мудофаа вазирлиги билан келишув асосида, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳарбий журналистика факультети талабалари вазирликда амалиёт ўтамоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бошлиғи Баҳром Зулфиқоров Ўзбекистонда ҳарбий журналистика соҳаси қандай ривожланаётгани ва ҳарбий журналист қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирди, дея хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Мудофаа вазирлиги АҚШнинг Ўзбекистондаги ҳарбий базалари ҳақидаги хабарга ойдинлик киритди

Зулфиқоровнинг айтишича, айни вақтда Мудофаа вазирлиги билан келишув асосида, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳарбий журналистика факультети талабалари вазирликда амалиёт ўтамоқда.

"Ҳарбий журналистика соҳасини танлаган ёшларни медиа-бошқармамиз ҳамда "Ватанпарвар" таҳририяти фаолияти билан бевосита таништириб боряпмиз. Ҳарбий журналистика соҳаси – республикамизда энди шаклланаётган, яратилаётган соҳа, десак хато бўлмайди. Шундай журналистлар тоифаси борки, ўз фаолиятига шов-шувли хабарлар билан баҳо берадиган бўлса, ҳарбий журналистлар – фидойилиги билан ажралиши керак. Ҳар бир ёзган мақоласи ва хабарида ўз халқининг ўзлиги, ғурури, Ватанга садоқати, фидойилиги акс этиб, ахборот майдонида олиб борилаётган жангларда ахборот мудофаасини яратиши, мустаҳкам асосли жавоб қайтара олиши ва бунда дунёдаги ривожланган демократик давлатлар эътирозига сазовор бўлмайдиган ахборот майдонини шакллантира олиши лозим. Ҳарбий журналистикада мақсад – мудофаа, мақсад – хавфсизлик, мақсад – Ватан манфаати, мақсад - пайдо бўлаётган ножўя хатти-ҳаракатларга асосли равишда Ватан обрўсига путур етказмайдиган даражада изоҳ бериб, бартараф қилишдан иборат. Биз миллий кадрларни яратишда мана шу жиҳатларга эътибор қаратаяпмиз", - деди Зулфиқоров.

Эслатиб ўтамиз, Журналистика ва оммавий коммуникациялар агентлиги 2019 йилнинг сентябридан бошлаб ҳарбий журналистларни тайёрлаб келмоқда. Ҳарбий журналистика факультетига нафақат йигитлар, балки қизлар ҳам ҳужжат топшириши мумкин.