Хитой уяли телефон ва автомобил эҳтиёт қисмларининг нархи кўтарилади

Бордию Хитойда техника ишлаб чиқариш заводларнинг иш фаолияти 10 февралгача тикланмаса, смартфонларнинг нархи кўтарилишидан ташқари, улар Россия дўконларида умуман қолмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 фев – Sputnik. Хитойда коронавирус тарқалиши кўплаб заводларни ёпилишига олиб келди. Бу эса смартфон, бошқа техника нархи кўтарилишига олиб келади, деб ёзмоқда "Известия" нашри.

Хитой хавфли вируси жаҳон иқтисодиётини "заҳарлади"

Таъкидланишича, нархларнинг кўтарилиши Россияда ҳам кузатилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Хитой фабрикаларининг ҳар бир ишсиз ҳафтаси товар нархига 3 фоиздан қўшиб боради. Агар Хитойда заводларнинг иш фаолияти 10 февралгача қайта тикланмаса, март охирига келиб Россия дўконларида умуман Хитой техникаси қолмайди.

Таҳлилчилар, етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар барча Хитой брендларига, шунингдек Apple ва қисман Samsung’га таъсир қилади.

Бундан ташқари, автомобил эҳтиёт қисмлари нархи бир неча баравар кўтарилиши мумкин.

КамАЗ компанияси машиналарсозликдаги муаммолар ҳақида расмий баёнот берганди. Хитой эҳтиёт қисмларини етказиб беришдаги узилишлар сабабли компания ишлаб чиқаришни қисқартиришни режалаштирмоқда.

Коронавирус дунё бўйлаб тарқалиши

Декабрь якунида Хитой ҳукумати Хубей вилояти маркази бўлган Ухан шаҳрида пневмония коронавирус - 2019-nCoV тарқалиши ҳақида хабар қилинганди.

5 февраль ҳолатига кўра, дунё бўйича 24 551 кишида коронавирус аниқланган. Шулардан 24 338 нафари Хитойда қайд этилган. Ҳозиргача 493 та ўлим ҳолати кузатилган бўлса, 910 киши ушбу вирусдан тузалган.

Хитойдан ташқари коронавирусни юқтириш ҳолатлари Франция, Италия, Испания, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Россия, Финляндия, Швеция, Австралия, Ҳиндистон, Вьетнам, Гонконг, Малайзия, Макао, Непал, Сингапур, Таиланд, Тайван, Япония, Филиппин, Жанубий Корея, БАА, ЖАР, Камбоджа, Шри-Ланкада қайд этилди.