ТОШКЕНТ, 4 фев – Sputnik. Кўп миқдорда қизил, парранда гўшти ёки колбасани истеъмол қилиш юрак қон томир касалликлари хавфини оширади. Бундай хулосага АҚШ Финберг тиббиёт мактаби (Чикаго) ва Корнел университети (Нью-Йорк) олимлари келди. Илмий иш матни EurekAlert порталида чоп этилди.
Тадқиқотчилар 30 мингга яқин одамнинг (ўртача 53,7 ёш) маълумотларини таҳлил қилишди, соғлиғи ва кундалик овқатланиш ҳолати кузатилди. Олимлар кузатуви 30 йил давомида олиб борилди.
Аниқланишича, ҳафтасига икки порция қизил ва қайта ишланган гўшт, шунингдек парранда гўштини истеъмол қилиш юрак ва қон томир касалликларини ривожланиш хавфини уч-етти фоизга оширади.
Олимлар гўшт маҳсулотларини иложи борича кам истеъмол қилишни тавсия қилишди ва улардан фойдаланиш нафақат юрак-қон томир касалликлари, балки саратон касаллиги билан ҳам боғлиқлигини таъкидлади.
Ҳафтада икки порция парранда гўшти эрта ўлим хавфини тўрт фоизга оширади, аммо олимлар ушбу маълумотлар ушбу маҳсулотнинг соғлиқ учун зарарли эканлиги тўғрисида аниқ хулоса чиқариш учун етарли эмаслигини таъкидладилар. Тадқиқотчилар бу хавф товуқ гўштининг ўзи эмас, балки уни тайёрлаш усулида (масалан, тери ёки терисиз) деб тахмин қилишди.
Олимлар балиқ, ёнғоқ ва дуккакли ўсимликлар инсон саломатлиги учун оқсилнинг мақбул манбаи бўлишини айтишди.