Истеъмолчилар суюлтирилган газни назорат тарозисида ўлчаб олишлари мумкин

Суюлтирилган газ сотиб олаётган истеъмолчилар, газ баллон вазни белгиланган миқдорда бўлмаса, уни олмасдан рад этишлари мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 фев - Sputnik. Баллонларда сотиладиган суюлтирилган газни истеъмолчилар назорат тарозилари орқали текшириб олишлари мумкин. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Ўзбекистонда суюлтирилган газ ягона нархда сотилади

Қайд этилишича, бундан буён аҳолига етказилаётган суюлтирилган газ миқдори назорат тарозиси орқали ўлчаб берилади. Шу мақсадда суюлтирилган газ етказиб бериш учун мўлжалланган 835 та автотранспорт воситалари назорат тарозилари билан тўлиқ таъминланган.

Бундан ташқари жорий йилда  ҳар бир истеъмолчининг махсус “ID” карталар билан таъминланиши, маиший газ баллонларга махсус ёрлиқлар ёпиштирилиши кўзда тутилган.

Бу орқали суюлтирилган газни истеъмолчи томонидан қабул қилиш ва тўловни амалга оширишда шаффофлик яратилади, ҳисоб-китоб тизими автоматлаштирилади.

Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ истеъмолчилардан суюлтирилган газ баллонларини қабул қилганда унинг беелгиланган сифат ва ҳажмда етказиб берилишини талаб қилишлари, газ миқдорини назорат тарозиларда ўлчаб кўришларини сўраган.