Бортида 250 нафар ўзбекистонлик бўлган самолёт Пекиндан Тошкентга парвоз қилмоқда

Улар бутун инкубацион даврда карантинда ушлаб турилади. 14 кун давомида уларнинг оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашишига рухсат берилмайди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. 2020 йилнинг 4 февраль куни Тошкент вақти билан соат 11:30да  “Uzbekistan Airways” АЖнинг чартер рейси Пекин шаҳри аэропортидан Тошкент шаҳрига учиб кетди. Бу ҳақда ТИВ мамлакатнинг Хитойдаги элчихонаси берган маълумотга асосланиб хабар қилмоқда.

Хитойдан олиб келинадиган Ўзбекистон фуқаролари 14 кун карантинда бўлади - ССВ

Қайд этилишича, унинг бортида Хитойнинг қатор ҳудудларидан 250 нафар Ўзбекистон фуқаролари ва 13 нафар экипаж аъзолари ватанга қайтмоқда.

Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан Хитойдан қайтиб келаётган барча йўловчилар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштириладилар.

Таъкидланишича, у ерда бутун карантин даврида малакали тиббиёт ходимлар кузатуви остида бўладилар ҳамда барча зарурий дори-дармон, тиббиёт воситалари ва тегишли озиқ-овқат билан бепул таъминланадилар.

“Ухан шаҳридан ва Хитойнинг бошқа минтақаларидан олиб келинаётган Ўзбекистон фуқаролари бутун инкубацион даврда карантинда ушлаб турилади. 14 кун давомида уларнинг оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашишига рухсат берилмайди”, - дейилади хабарда.

4 февраль куни махсус чартер рейс карантин ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун Ухань шаҳрига учиб кетиши режалаштирилмоқда.