"Ўзбекистон - АҚШ" ҳамкорлиги ривожланиш чўққисида – Камилов

Абдулазиз Камилов Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари келажакда стратегик ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топишга қаратилган бўлишини хабар қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 фев – Sputnik. Абдулазиз Камилов АҚШ давлат котиби Майкл Помпео билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ривожланиш чўққисига чиққанини қайд этди, Sputnik  мухбири хабарига асосан.  

“Мен ишонч билан шуни айтаманки, бугунги кунда икки мамлакат орасида ҳамкорлик ўзининг ривожланиш чўққисига чиққан. Муносабатларимиз барқарор ва кутилганидек ривожланмоқда.Бизнинг келажак ҳаракатларимиз стратегик ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топишга қаратилган бўлади”, - деди Абдулазиз Камилов.

Шунингдек, ташқи ишлар вазири Ўзбекистон Марказий Осиё ҳудудида тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиётни ривожлантириш тарафдори эканини ва ушбу масалада Ўзбекистон ва АҚШ нуқтаи назари яқин эканини алоҳи қайд этиб ўтди. Бу борада, Камилов,  ТИВдаги учрашувдан сўнг “С5+1” форматида АҚШ ва Марказий Осиё вакиллари иштирокида навбатдаги учрашув бўлиб ўтишини эълон қилди.

Ундан ташқари Абдулазиз Камилов икки давлат вакиллари бўлиб ўтган учрашувда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олишганини айтиб ўтди.

“Биз Афғонистонга Марказий Осиёнинг савдо-иқтисодий ҳамда транспорт-коммуникация тармоқларига қўшиб олишга амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олдик”, - деди Камилов.

Эслатиб ўтамиз, Майкл Помпео ўз навбатида Ўзбекистон ҳукумати томонидан сўнгги йилларда олиб борилаётган диний эркинликни таъминлаш, болалар мажбурий меҳнатига барҳам бериш ва бошқа иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларига юқори баҳо берган эди.