Эрон ракетасини пайқаган учувчи ва диспетчернинг суҳбати интернетда пайдо бўлди

Эроннинг Iran Aseman Airlines авиакомпанияси учувчиси аэропорт диспетчерига маршрут бўйлаб ракета алангаси кўринганини айтган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 фев - Sputnik. Украинанинг ТСН телеканали диспетчер билан Эроннинг Теҳрон яқинида Украинанинг Боинг-737 самолётининг қулашидан олдин ракетани пайқаган учувчиси ўртасидаги суҳбат баёнини эълон қилди.

“Ракетага ўхшаган ёруғлик кўриняпти. У ерда шундай  бирор нарса бўлиши керакми?” - деб сўрайди учувчи диспетчердан.

Бунга жавобан, оператор ёруғлик пайдо бўлган жойни аниқлаштиради ва ракета Теҳрон томон парвоз қиляптими деб сўрайди.

Ёзувда учувчи объект шаҳардан учиб чиққанлиги ҳақида хабар қилади.

“Жаноб муҳандис, биз портлашни кўрдик, портлашдан кейинги ёруғликни, биз нима эканлигини тушунмаяпмиз”, - дейди учувчи.

Эрон Олий раҳбари Боинг ҳалокати бўйича тергов натижаларини ошкора эълон қилишни буюрди

Натижада диспетчер ёруғлик манбаининг жойлашишини тушунмаётганлигини тан олади. Шунингдек, у парвоз давомида лайнерда йўналиш бўйича ҳеч қандай  муаммолар келиб чиқмаслигига умид қилади.

Украина Боинг-737 самолётининг Эронда қулаши

"Украина халқаро авиалиниялари” авиакомпаниясининг Боинг-737 йўловчи самолёти 8 январ куни Теҳрон яқинида қулади. Лайнер Теҳрон халқаро аэропортидан бир соат кечикиш билан парвоз қилиб, бир неча дақиқада ҳавода бўлди. Авария натижасида 176 киши ҳалок бўлди.

Расмий маълумотларга кўра, Украина самолётининг қаерда эканлиги ҳақидаги сўнгги маълумот Парандадаги диспетчерлар томонидан олинган.

Дастлаб, мутахассислар Эронда самолёт ҳалокатининг учта вариантини кўриб чиқдилар, уларнинг асосий сабаби двигателларнинг ёнишига сабаб бўлган техник носозлик.

Кейинчалик Ислом инқилобий соқчилар корпуси Украинанинг Боинг-737 самолётининг Теҳрон яқинида қулашида ўз айбини тан олди. Эрон АҚШнинг Ироқдаги базаларини бомбардимон қилганидан сўнг АҚШ томонидан жавоб ҳужумларига тайёрланаётган эди. Ҳаво мудофааси тизимининг оператори самолётни душманнинг қанотли ракетаси сифатида қабул қилган бўлиб, ҳарбий ҳизматчи бу бўйича қарор қабул қилишга атиги 10 сония вақти бўлган.