Абдулазиз Камилов АҚШ давлат котиби билан учрашди

Майкл Помпео Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамиятни демократлаштириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларига юқори баҳо берди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатга расмий ташриф билан келган АҚШ давлат котиби Майкл Помпео билан учрашди. Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.

Учрашувда Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи ва президент Дональд Трамп билан музокаралари якунига кўра қабул қилинган стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши тўғрисида Қўшма баёнот қоидаларини изчил амалга ошириш, кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга томонлар содиқ эканлиги тасдиқланди.

Майкл Помпео Ўзбекистон диний уламолари билан учрашди

Томонлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланаётганлиги ва жадал ривожланаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар.

Учрашувда сўнгги икки йил ичида савдо ҳажми икки баравар ўсганига эътибор қаратилди.  АҚШ давлат котиби Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларига юқори баҳо берди.

Шунингдек, музокараларда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, диний эркинликни таъминлаш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган чоралар муҳокама қилинди.

Эслатиб  ўтамиз, аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистонга расмий ташриф билан келгани хабар қилинган эди.