Сўнгги икки йилда ҳокимликлар 56 минг гектар ерни ноқонуний ажратган – Бош прокуратура

Бу даврда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Бош прокуратурада ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда 1 мартдан ер ажратиш жараёни янада шаффоф бўлади

Бош прокуратига матбуот хизмати хабарига кўра, видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган экин ерларининг ажратилиши ва фойдаланилиши аҳволи ҳамда соҳада қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда ер майдонларини ажратиш ва ундан фойдаланишдаги тизимли камчиликлар, тегишли идораларда мазкур соҳада коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар оқсаётганлиги, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан қутула олмаётганлиги йиғилишда танқидий муҳокама этилди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маърузасида сўнгги икки йилда 56 минг гектар ер майдони ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилганлигини кўрсатиб, мутасадди раҳбарлардан қонун талабларига қатъий риоя этиш талабини қўйди.

Маълум бўлишича, ўтган йилда республика бўйича 83 та ҳолатда 112 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер сифатида ажратиб юборилган.

Сўнгги икки йилда ер сотиш, талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 473 та жиноят иши қўзғатилиб, 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу жиноятларнинг 71 тасини порахўрлик, 354 тасини фирибгарлик, 37 тасини сохтакорлик каби қилмишлар ташкил этади.

Бу даврда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 119 нафари ёки 40 фоизини ер кадастри ходимлари ташкил этиши қаттиқ танқид қилинди.