ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ҳодиса 2020 йилнинг 1 февраль куни тахминан соат 08:30 ларда Гулистон шаҳрининг Гулистон кўчаси бўйлаб ўтган автомобиль йўлида содир бўлган. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, 19 ёшли Ш.Б., ўз бошқарувидаги “Cobalt” русумли автомашинасида “Гулистон-Зарбдор” йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётиб, бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишига ўтиб кетган.
Натижада фуқаро 21 ёшли С.М. бошқарувида бўлган “Damas” русумли автомашинасига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Оқибатда “Damas” ҳайдовчиси С.М., йўловчилар — 55 ёшли Ш.А., 27 ёшли Д.Э., 28 ёшли М.С.лар ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган.
Яна 3 нафар шахс шифохонага ётқизилган. Улардан бири 24 ёшли С.А., кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.