ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, Чирчиқ дарёсидан 3 нафар фуқаро қутқарилди.
Чирчиқ дарёсида қайиқ темир тросга ўралиб қолиш оқибатида фуқаролар 2 соат давомида дарёда қолиб кетган. Ҳодиса 31 январ куни Чиноз тумани, Янги Чиноз шаҳарчаси ҳудудида жойлашган Чирчиқ дарёсида содир бўлган.
Мотор қайиқда ов қилиш мақсадида 3 нафар фуқаро дарёга тушган. Қирғоқдан 400 метрга узоқлашганда қайиқ дарё қумини чиқариб олиш технологияси (Земснаряд)ни ушлаб турувчи темир тросга ўралиб қолган.
Воқеа юзасидан Чиноз тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Олиб борилган тезкор чоралар натижасида фуқаролар соғ-саломат қутқариб олинган.