Пўлат Бобожонов ИИВ тизимида қандай ёшлар раҳбар бўлишлари мумкинлиги ҳақида

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришда шаффоф тизимни йўлга қўйиш зарур эканлигини айтмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 янв - Sputnik. Ўзбекистон ИИВ тизимида келгусида ёш ходимлар ўз билими, фикрлаш қобилияти, ташаббускорлиги, жанговар ва жисмоний тайёргарлиги натижаларига қараб, раҳбарлик лавозимига тайинланишлари мумкин. Бу ҳақда 29 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов маълум қилди.

Ўзбекистон ИИВ кадрлар тайёрлашда Россия билан ҳамкорлик қилмоқда

"Ёш ходимлар бу ички ишлар органларининг юзи, обрўси ва ижобий имиджини юксалтиришдаги энг асосий кучдир. Шунинг учун ҳам тизимда ёш кадрлар захирасини шакллантириш муҳим вазифа ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб ёш ходимлар орасидан дунёқараши кенг, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қила оладиган, масъулиятни ҳис этадиган ёшларни биз саралаб олишимиз керак", - деб таъкидлади вазир.

Бобожонов шу ўринда жойларда раҳбарлар бу борадаги ишларни тўғри ташкил этолмаётганини танқид қилди.

Келтирилган рақамларга кўра, ўтган йили тизимдаги кадрлар захирасига 145 нафар истиқболли ёш кадрлардан 44 нафаригина юқори лавозимга тайинланган.

"Бу албатта биз кутган рақамлар эмас, бу борада Жиззах, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 4 нафардан 8 нафаргача ёш ходимлар раҳбарлик лавозимларига тайинланган бўлса, Фарғона ва Тошкент вилоятида ёш кадрлар захираси умуман шакллантирилмаган. Сирдарё вилоятида эса 57 нафар ёш захирага олинган бўлсада, уларнинг биронтаси ҳам раҳбарлик лавозимига тайинланмаган", - деди генерал-лейтенант.

Бобожонов истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришда шаффоф тизимни йўлга қўйиш зарур эканлигини қайд этди.