Шавкат Мирзиёев транспорт вазирлигини эскича иш услуби учун танқид қилди

Транспорт вазирлиги ташкил қилинганининг бир йиллиги арафасида президент соҳадаги муаммоларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 янв - Sputnik. Кеча 28 январ президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда транспорт хизматлари соҳасидаги вазият танқид қилинди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати. 

Эрон Форс кўрфазидан Ўзбекистонга транзит коридор очиб беришга тайёр

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон транспорт вазирлиги президент фармонига биноан 2019 йилнинг 1 февралида ташкил қилинган эди.

Транспорт салоҳияти

Хабарда айтилишига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон транспорт-транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага, 2030 йилда эса минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига 23 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.

Жаҳон банкининг логистика рейтингида юртимиз 163 та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, халқаро ташувларни амалга оширишнинг соддалиги бўйича 120-ўринда қайд этилган.

Самарали тариф сиёсати мавжуд бўлмагани сабабли транзит юк оқимини жалб этиш ва маҳаллий товарларни ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш имконияти чекланмоқда. Шу сабабли транзит сиёсатини бутунлай қайта кўриб чиқиш, темир йўл тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага хусусий капитални кенг жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Авиация транспорти

Ўзбекистонда Humo Air авиакомпанияси ташкил этилди

Шавкат мирзиёев фуқаро авиацияси соҳасидаги вазиятни ҳам танқид қилди. Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти, - дейилган хабарда.

Шунингдек, ўтган йили 4 та аэропортда “очиқ осмон” режими жорий этилиб, “бешинчи ҳаво эркинлиги” ўрнатилган эди. Аммо ҳанузгача биронта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмади.

Юқоридаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда президент ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш соҳада рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берди.

Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш хабига айлантириш мақсадида “очиқ осмон” режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланди.

Янги авиакомпаниялар фаолияти учун шароит яратиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Автомобил транспорти 

Ўзбекистонда янги пуллик тоннеллар ва автомобил йўллари қурилиши режалаштирилмоқда

Автомобиль ва жамоат транспорти соҳасида аҳолига қулай ва сифатли автотранспорт хизмати кўрсатишни таъминлаш мақсадида йўналишлар учун очиқ тендерлар ўтказиш, жамоат транспортига оид тариф ва тартибларни қайта кўриб чиқиб, рақамлаштириш лозимлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш масаласига ҳам тўхталиб, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, тез фурсатларда Автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги назорат органларининг иш услуби эскича экани кўрсатилиб, уларнинг фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.