Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда

Абдулазиз Камилов Берлинда қозоғистонлик ҳамкасби билан учрашди. Учрашувда Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга режалаштирилаётган ташрифи икки давлат ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлиши таъкидланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Берлин шаҳрида қозоғистонлик ҳамкасби Мухтар Тлеуберди билан учрашди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон йўловчиларнинг ҳужжатини текширишни камайтиришни муҳокама қилди

ТИВ матбуот хизмати хабарида билдирилишича,  суҳбат давомида ўтган йилнинг ноябрида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашуви якунларига юқори баҳо берилган. Томонлар саммит якунлари бўйича қабул қилинган минтақавий интеграцияни яна чуқурлаштиришга йўналтирилган қарорларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга режалаштирилаётган ташрифи бу жараённинг муҳим босқичи бўлади”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари 3 февраль куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг “C5 + 1” шаклидаги учрашувини ўтказиш масалаларини ҳамда икки томонлама ва халқаро муносабатлар кун тартибининг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар.