Фарғонада жанжалкаш она-бола дўппослаган ҳамшира оғир аҳволда шифохонага ётқизилди

Беморнинг онаси УТТ шифокорига электр чойнакни отиб юборган. Кейин уларни тинчлантирмоқчи бўлган ҳамширага очиқчасига тажовуз қилишган. Бу уларнинг биринчи тажовузи эмас.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Фарғона шаҳрида она-бола тиббиёт ходимларига тажовуз қилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, 28 январь куни куни Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникадаги ультратовуш текшируви (УТТ) ўтказиладиган хонада юз берган.

Қайд этилишича, текширувга келган қиз навбатини иккита болали аёлга беришни истамаган. Шифокор қизга навбатини боласи йиғлаётган ва 3 ёшли боласи совуқда қолган аёлга берса, савоб иш қилган бўлиши мумкинлигини тушунтириб насиҳат қилган. Қиз эса бунга эътибор қилмаган.

Маълум бўлишича, шифокор қизни пухта текширувдан ўтказиб, белгиланган тартибда ташхисни ёзиб берган. Қиз эса эшитган насиҳатдан асабийлашиб, хонадан чиқиб кетади. Кўп ўтмай хонага ёши катта бир аёл билан кириб келади. Аёл унинг онаси бўлиб, биргаликда тиббий кўрикдан ўтгани келишган экан.

Наманганда беморнинг тажовузкор тоғаси шифокорни кўриш қобилиятидан маҳрум этди

Аёл УТТ хонасига кирибоқ, “Нега қизимни ҳақорат қиласанлар?” деб бақира бошлайди. Тиббиёт ходимлари вазиятни ҳарчанд тушунтиришса ҳам, аёл уларни эшитмай УТТ шифокорига электр чойнакни отиб юборади.

Шунда ҳамшира аёлни тинчлантирмоқчи бўлиб, унинг ёнига келганида жазавага тушган она ва бола ҳамширага очиқчасига тажовуз қилиб, қўли билан уриб, оёқлари билан тепиб, тан жароҳати етказади.

Натижада она ва болани ташқарига базўр олиб чиқиб кетилади ва воқеа ҳақида профилактика инспекторига хабар берилади.

Тез ёрдам машинаси келиб, юзи қонга беланиб, ҳушидан кетган ҳамширани ўзига келтириб, оғир ҳолатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб кетишади.

Ҳамширага ёпиқ калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суяги синиши, бурундан қон кетиш ташхиси билан нейрохирургия бўлимига стационар даволаниш учун ётқизилди. Ҳозирда малакали шифокорлар томонидан беморга зарур даво муолажалари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича зарур ҳужжатлар юритилиб, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хабарда қўшимча қилинишича, юқоридаги жанжалкаш она-бола ўтган йил 18 январь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали 3-тез тиббий ёрдами подстанцияси ҳамшираси Д.Б.ни ҳам сабабсиз ҳақорат қилишган. Ҳамшира таҳдид қилинганда қочиб қолишга улгурган.