Эрдўғон Трампнинг “аср келишувини” қоралади

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп “аср келишувини” тақдим этган эди. Келишув билан Исроил-Фаластин можаросини тартибга солишга оид таклифлар баён этилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Туркия президенти Таййиб Эрдоған АҚШ раҳбари Дональд Трамп таклиф қилган “аср келишуви” “Исроилнинг Фаластин ерларини босиб олишини қонунийлаштириш” эканини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Унинг таъкидлашича, Қуддусни Исроилга бериш режаси йўл қўйиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатдир. Чунки бу фаластинликларнинг ҳуқуқини поймол қилади ва Исроил истилосини қонунийлаштиради.

Ким биринчи ғазабланади. Эксперт АҚШ ва Туркия муносабатларини баҳолади

“Қуддус Исроилга берилмайди. Бу режа сулҳ олиб келмайди”, - деди Туркия етакчиси.

Аввалроқ Дональд Трамп ҳозирги АҚШ маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган “аср келишувини” тақдим этган эди. Унга кўра, Қуддус Исроилнинг ажралмас пойтахти бўлиб қолади. АҚШ фаластинликлар учун элчихонасини Шарқий Қуддусда очади. Фаластинликлар эса ўз ҳудудини 2 баробарга оширишлари мумкин бўлади. Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос музокараларга рози бўлса, АҚШ унга давлат ташкил этишда ёрдам беради.

“Аср келишувини” амалга ошириш учун АҚШ Исроил билан қўшма қўмита тузади.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос АҚШнинг “аср келишувига” муносабат билдириб, Қуддус сотилмаслиги, келишув эса илгари силжимаслигини маълум қилди. Фаластин халқи эса ушбу келишувни “тарихнинг ахлат қутисига” улоқтириб юборади.

Араб давлатлари лигаси кенгаши (АДЛ) жума, 31 январь куни “аср келишувини” муҳокама қилиш учун ташқи ишлар вазирлари даражасидаги шошилинч йиғилиш ўтказади.