ТОШКЕНТ, 28 янв - Sputnik. Берлин шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Мирвайс Набом билан учрашди.
ТИВ хабарига кўра, музокаралар давомида Ўзбекистон-Афғонистон кун тартибининг долзарб масалалари, шунингдек, минтақадаги вазият муҳокама қилинди.
Ўзаро фикр алмашиш чоғида Ўзбекистон томонининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдан манфаатдорлиги ва афғонлараро тинчлик музокараларини бошлашга кўмаклашишга тайёрлиги таъкидланди.
Мирвайс Набом минтақадаги интеграцион жараёнларга унинг мамлакатини жалб этиш ва Афғонистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган инфратузилма лойиҳаларини тадбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор этди.
Шунингдек, учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.