Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар уни сотиб олиши мумкинми?

АОКАдаги матбуот анжуманида якуний ҳисобга етмаётган фуқароларнинг стажини харид қилиши мумкинлиги борасидаги саволга жавоб қайтарилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида иш стажига эга бўлмаган фуқаролар уни сотиб олиши мумкинми деган саволга жавоб берилди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.

Қайд этилишича, қонунга мувофиқ, иш стажига эга бўлмаган фуқароларга нафақа тўланмайди. Аммо уларнинг ижтимоий ҳимояси Вазирлар маҳкамасининг 2011-йил апрел ойида қабул қилинган 107- сонли қарори билан тартибга солинади.

Ўзбекистонда пенсия тизими қачон рақамлаштирилади?

Жумладан, бир йил иш стажига эга бўлган фуқароларга нафақа тайинланмайди. Лекин у жазони ўташ муассасасидаги 65 ёшга тўлган маҳкум эркак бўлса,  ёки 60 ёшга тўлган аёл бўлса, у нафақа билан таъминланиши лозим.

Матбуот анжумани иштирокчиларига якуний ҳисобга етмаётган фуқароларнинг стажини харид қилиши мумкинлиги борасида савол билан мурожаат қилинди.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи — Шуҳрат Ўтагановнинг таъкидлашича, 2020-йилнинг апрель ойига қадар пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепцияси тақдим этилиши кўзда тутилган.

Ушбу концепцияда иш стажини харид қилиш масаласи бўйича таклифлар баён этилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилади.