“Газпромбанк” Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасини қурмоқчи

Энергетика вазирлигида “Газпромбанк" АЖ раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. “Газпромбанк” АЖ Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасининг қурилиши ва “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини қўшимча разведка қилиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга қизиқиш билдирди.

Бу ҳақда Энергетика вазирлигидаги  “Газпромбанк" АЖ (Россия) раҳбарияти билан учрашувда маълум қилинди. Унда энергетика вазири ўринбосари Умиджон Исроилов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев “Газпромбанк" АЖ бошқарув раиси ўринбосари  Алексей Матвеенко бошчилигидаги делегация билан ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди.

Мирзиёев нефть-газ ва кимё саноати бўйича топшириқлар берди

Музокараларда банк нефт ва газ соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани алоҳида таъкидланди. Умумий молиялаштирилиш қарийб 900 миллион доллар маблағни ташкил этиши, жумладан, углеводород ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастури, GTL заводининг қурилиши, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ва бошқалар экани эслатиб ўтилди.

“Газпромбанк”АЖ раҳбарияти Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасининг қурилиши ва “Мустақилликнинг 25 йиллиги" конини қўшимча разведка қилиш ва ривожлантириш бўйича" каби бошқа инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш орқали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қизиқиш билдирди”, - дейилади “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабарида.

Учрашув якунида томонлар энергетика соҳасининг барча соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини биргаликда кўриб чиқишга келишиб олдилар.