ТОШКЕНТ, 28 янв – Sputnik. Шу кунларда Хитойда тарқалиши кузатилаётган янги коронавирус билан касалланган беморлар Бухорода пайдо бўлгани ҳақидаги маълумотлар рад этилди.
Ички ишлар орган ходимлари Telegram ўз каналида 27 январда бу ҳақда фош қилувчи репортаж тайёрлашди.
Бунга сабаб бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеоролик бўлди. Унда бир йигит бухороликларни шаҳарда Хитой коронавируси пайдо бўлиши билан эҳтиёт бўлишга чақиради. Унинг сўзларига кўра, юқтириш ҳолати шаҳар перинатал марказида қайд этилган.
Йигит ҳаммани гигиенага риоя қилиш: совун билан қўл ювиш, тиббиёт ниқобларини тақиш, дайди ҳайвонларни четлаб ўтиш ва кўчада фастфуд истеъмол қилмасликка чақирган.
“Бу хавфли бўлиши мумкин, чунки биз бу касаллик қандай ўтиши, айнан Бухорода бу касалликдан дори борлигини билмаймиз”, - деган у видеороликда.
Ҳуқуқ тартибот органлари бу хабарни фейк эканлигини маълум қилишди.
Вилоят ИИБда Sputnik мухбирига маълум қилинишича, улар видеоролик муаллифини топишган ва у билан профилактик суҳбат ўтказишган.
Бу йигит шаҳардаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган талаба - Сардор Пўлатов эканлигини маълум бўлди – у бу ҳақида “тенгқурлар билан суҳбатда эшитиб қолган экан”.
Аҳолини тинчлантириш ва пайдо бўлган саросимани минималлаштириш мақсадида ҳуқуқ тартибот органлари тезкорлик билан раддия тайёрлаб, тарқатишди.
Йигит нотўғри маълумот айтганлигини тан олди ва саросимага сабаб бўлган хабарни тарқатгани учун кечирим сўради.
Видеода талаба ёлғон маълумотларни айтганини шаҳар туғруқ мажмуаси ходими Гулчеҳра Сайфуллаева ҳам тасдиқлади. Шифокорнинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида Бухорода ҳақиқатан ҳам беморларнинг ўлим ҳолатлари қайд этилган. Бироқ, уларнинг ҳеч бирида коронавирус тасдиқланмаган.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалганлиги, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалида бемор мазкур касалликдан вафот этганлиги ҳамда бир гуруҳ беморларнинг ушбу вирус аломатлари билан даволанаётганлиги ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз эканини маълум қилганди.
Декабрь якунида Хитой ҳукумати Хубей провинцияси маркази бўлган Ухан шаҳрида номаълум пневмония тарқалиши ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик, касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV экани аниқланди. Япония, Жанубий Корея, Таиланд, Вьетнам, Сингапур, Тайван, Франция ва АҚШда ҳам ушбу вирус аниқланган.