ТОШКЕНТ, 27 янв - Sputnik. Ўзбекистон Соғлини сақлаш вазирлиги фуқароларга Хитойга, зарурат бўлмаганда хорижга вақтинчалик чиқмасликни тавсия қилмоқда.
“Коронавирус бўйича юзага келган мураккаб эпидемик вазият дунё миқёсида хавотирли тус олмоқда. Ривожланган давлатлар, жумладан, Япония, Жанубий Корея, Таиланд, Вьетнам, Сингапур, Тайван, Франция ва АҚШда ҳам ушбу вирус аниқланган", –дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.
Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу эпидемик вазиятга қарши мамлакатда керакли барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Хитойдан қайтаётган фуқароларга тиббий назорат ўрнатилган. Аммо бу хавфсизликни тўлиқ кафолатлайди, дегани эмас.
“Негаки, коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликнинг яширин даври 1 – 14 кунгача кечиши жиддий хавотир уйғотмоқда. Шу боис фуқароларимиздан Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни тавсия қиламан”, - деди Шодмонов.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда мавсумий грипп касаллиги ва коронавирус инфекцияси бўйича тизимли равишда эпидемик назорат йўлга қўйилган.
Айни пайтда республикада коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги кузатилмоқда. Хитойдан ва бошқа чет давлатлардан ушбу инфекциянинг кириб келиш ҳолатлари қайд этилмади. Мамлакатда эпидемик вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида ССВ муайян профилактик тадбирларни амалга оширмоқда. Бу борада аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Хитойдаги коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирди
Бундан ташқари, коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар учун Вирусология илмий текшириш ва Эмидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтлари клиникаси, Қорақалпоғистон ССВ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг юқумли касалликлар шифохоналарида махсус бокс палаталари, улар учун тегишли дори-дармонлар захираси яратилган.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари ҳамда ҳудудлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари бош врачларига чет давлатларда кузатилаётган коронавируснинг янги тури билан боғлиқ мураккаб эпидемик вазият бўйича ҳушёрликни ошириш ва бу касалликнинг республика ҳудудига кириб келишининг олдини олиш борасида чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида тавсия ва топшириқлар берилган.
Хитойда коронавирус қурбонлари сони тез кўпаймоқда
Шунингдек, вазирлик Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига коронавирус бўйича эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар зарурат бўлмаган ҳолларда Хитойга ўзбекистонлик сайёҳларни юбормаслик тўғрисида ҳам тавсия берган.