ТОШКЕНТ, 26 янв – Sputnik. Қозоғистонда “Йўловчи ташиш транспорти” АЖ ва “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қатор давлат органлари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
“Ўзтемирйўлйўловчи” хабарига кўра, унда икки давлат ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 18-қўшма йиғилиши баённомасида белгилаб берилган айрим вазифалар ижроси хусусида сўз юритилган.
Қайд этилишича, йиғилишда сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган турли хил маълумотларга алоҳида эътибор қаратилган.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қарашли йўловчи поездларининг Қозоғистон худудидан ҳамда Қозоғистоннинг “Йўловчи ташиш транспорти” АЖ қарашли йўловчи поездларининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтишида ҳар иккала давлат миграция, божхона , чегара хизмати, ички ишлар органлари вакиллари иштирокида қўшма мониторинг ўтказиш борасида фикрлашиб олинди.
Шунингдек, йиғилишда давлат чегара станцияларида божхона, чегара хизматлари назорати жараёнларини тезлаштириш, миграция, ички ишлар органлари каби ташкилотлар томонидан йўл давомида йўловчиларнинг ҳужжатларини текшириш каби ҳолатларни камайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Қолаверса, поезд ичида йўловчиларга давлат чегараларидан ўтишда нималарга эътибор қаратишлари, зарур ҳужжатлар ҳақида кўпроқ маълумотлар беришни, тушунтириш ишларини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Тарафлар йўловчилардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш, уларни тегишли давлат органларига юбориб камчиликларни ўз вақтида бартараф қилишга эътибор қаратишди.
Тадбир сўнггида ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишини жорий йилнинг ёз ойларида Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.