Хитойнинг Ухан шаҳридаги ўзбекистонлик талабалар ватанга қайтарилади

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси вакили ёшлардан нотўғри маълумотлар билан вазиятни кескинлаштирмасликни илтимос қилиб қолган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 янв - Sputnik. Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Хитой Халқ Республикасида таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ёшлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди.

“Карантин, нархлар икки баравар ошди”: ўзбекистонлик талаба Ухандаги вазият ҳақида

"Бугунги кунда жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан Хитой Республикасининг Ухан шаҳрида "Коронавирус" тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқатилмоқда. Ўз ўрнида Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати Хитойдаги вазият Элчихонамиз ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонамиз томонидан назоратга олинганини ҳамда мазкур йўналишда узлуксиз ишлар олиб борилаётганини маълум қилди", - дейилади хабарда.

Ассоциациянинг ХХР даги вакили Хуснулла Асадуллаев эпидемия маркази бўлган Ухан шаҳрида таълим олаётган ёшлар билан ҳозирги вақтга қадар доимий алоқада бўлиб турибди ва мавжуд маълумотларга кўра, вазият маҳаллий Ҳукумат вакиллари томонидан тўлиқ назоратга олинган, қолаверса, ХХРдаги Ўзбекистон элчихонаси ва бош консулхонаси ходимлари томонидан ушбу масалани ҳал қилиш бўйича амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Ассоциация вакили ёшлардан нотўғри маълумотлар билан вазиятни кескинлаштирмасликни илтимос қилиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, бугун Халқаро Пресс Клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Хитой Халқ Республикасининг Ухан шаҳридаги 30 нафар ўзбекистонлик талабалар юртга олиб қайтилишини маълум қилди.

Айни вақтда Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бу борада ишлар олиб борилмоқда, деди вазир.