Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аида Юнусова вафот этди

Аида Юнусова “Ажойиб хаёлпараст”, “Чинор остидаги дуэль”, “Оловли йўллар”, “Зулматни тарк этиб” каби картиналарда қатнашган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Таниқли актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аида Юнусова 72 ёшда оламдан кўз юмди. У оғир хасталикни бошдан кечирганди.  Бу ҳақда “Ўзбеккино” матбуот хизмати хабар қилди. Агентлик марҳуманинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига чуқур таъзия билдирган.

Актриса узоқ вақт давомида турли роллар ижро этган. Жумладан, “Ажойиб хаёлпараст”, “Чинор остидаги дуэль”, “Оловли йўллар”, “Олтин куз”, “Меҳригиё”, “Зулматни тарк этиб”, “Карвон”, “Анор”, “Биринчи йўловчилар” картиналарида қатнашган.

Актриса сифатида 1989 йилгача “Ўзбекфильм”да фаолият кўрсатган. Шундан сўнг кинони тарк этган. Маълум танаффусдан сўнг яна кинога қайтди ва экранда кўрина бошлаганди. Аида Юнусова оғир хасталикни бошдан кечирганди.

Аида Юнусова 1948 йилда Фарғонанинг Марғилон шаҳрида туғилган. 1970 йили театр ва рассомчилик институтининг драма театри ва кино факультетини тамомлаган. Талабалигининг охирги курсида режиссёрлар эътиборига тушиб, кинога таклиф қилинган.